Pandora Seller OʻzbekchaЎзбекчаРусский
Мундарижа
  1. 1. Умумий қоидалар
  2. 2. Атамалар
  3. 3. Шартнома предмети
  4. 4. Рўйхатдан ўтиш ва Сотувчини текшириш
  5. 5. Майдонча хизматлари ва унинг мақоми
  6. 6. Маҳсулотлар ва карточкалар бўйича Сотувчининг мажбуриятлари
  7. 7. Буюртмалар, тўловлар, етказиб бериш ва солиқлар
  8. 8. Қайтариш, кафолат ва Харидор мурожаатлари
  9. 9. Аккаунт, ходимлар ва хавфсизлик
  10. 10. Майдончанинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
  11. 11. Хизматлар нархи ва ҳисоб-китоблар
  12. 12. Баланс: пул ечиш ва қайтариш
  13. 13. Дўконни тўхтатиш ва блоклаш
  14. 14. Жавобгарлик
  15. 15. Форс-мажор
  16. 16. Интеллектуал мулк ва контент лицензияси
  17. 17. Махфийлик
  18. 18. Маълумотлар
  19. 19. Сотувчи маълумотларини ошкор қилиш
  20. 20. Хорижий сотувчилар
  21. 21. Шартнома муддати ва бекор қилиниши
  22. 22. Шартномага ўзгартиришлар, низолар ва алоқа

Сотувчи билан шартнома (оммавий оферта)

1-версия · 21.11.2026 дан амалда
Қисқача
  • Майдонча фақат сайт ва сотувчи панелини беради. Маҳсулотни сиз сотасиз: харидор билан олди-сотди шартномаси сиз билан тузилади.
  • Маҳсулот сифати, сертификат ва лицензиялар, тўғри тавсиф, етказиб бериш, фискал чек, маркировка, қайтариш ва кафолат — сизнинг жавобгарлигингиз.
  • Харидорлар маҳсулот учун пулни тўғридан-тўғри сизга (Click, Payme ёки нақд) тўлайди. Майдонча хизматлари (тариф, комиссия, тарғибот, реклама, хабарномалар) шахсий ҳисобингиздан ечилади.
  • Ишлатилмаган балансни «Пул ечиш» орқали ҳисоб рақамингизга қайтариш мумкин. Бонуслар ва кўрсатилган хизматлар учун тўловлар қайтарилмайди (майдонча хатоларидан ташқари).
  • Қалбаки ёки тақиқланган маҳсулот, етказилмаган буюртмалар, тасдиқланган шикоятлар, тўланмаган тариф ёки ёлғон маълумот учун дўкон тўхтатилиши ёки блокланиши мумкин.
  • Тўланган буюртмани етказмасангиз ёки қалбаки маҳсулот юборсангиз ва хабарномадан кейин 3 кун ичида тузатмасангиз, маълумотларингиз харидорга ва ваколатли органларга берилиши мумкин.
  • Харидорнинг исми, телефони ва манзили фақат буюртмани бажариш учун. Уларни реклама учун ишлатиш ёки бошқаларга бериш тақиқланган.
  • Шартлар ўзгариши ҳақида камида 30 кун олдин хабар берамиз; рози бўлмасангиз, дўконни ёпишингиз мумкин.
Қисқача баён қулайлик учун; қуйидаги тўлиқ матн амал қилади.

1. Умумий қоидалар

1.1. Ушбу ҳужжат … (кейинги ўринларда — «Майдонча» ёки «Оператор») томонидан pandora.uz сайти ва сотувчи панели орқали ўз маҳсулотларини сотмоқчи бўлган ҳар қандай юридик шахс, якка тартибдаги тадбиркор (ЯТТ) ёки ўзини ўзи банд қилган шахсга (кейинги ўринларда — «Сотувчи») қаратилган оммавий офертадир. Майдонча ва Сотувчи биргаликда «Томонлар» деб аталади.

1.2. Оферта Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига мувофиқ ноаниқ доирадаги шахсларга қаратилган ва қўшилиш шартномаси шаклида тузилган. Сотувчи унинг шартларига фақат тўлиқ, ҳеч қандай ўзгаришларсиз қўшилиши мумкин.

1.3. Офертанинг аксептланиши (қабул қилиниши) қуйидаги ҳаракатлардан бири билан амалга оширилади: рўйхатдан ўтишда шартларга розилик белгисини қўйиш ёки сотувчи панелида «Қабул қиламан» тугмасини босиш. Панелда кейинги ҳар қандай ишлаш ҳам шартларга розилигини тасдиқлайди. Аксептланган пайтдан бошлаб шартнома тузилган ҳисобланади; аксепт санаси ва қабул қилинган версия панелда қайд этилади.

1.4. Офертани қабул қилган шахс Сотувчи номидан ҳаракат қилиш ҳуқуқига эга эканлигини (раҳбар, ишончнома асосидаги вакил ёки ЯТТ, ўзини ўзи банд қилган шахснинг ўзи) ва тўлиқ муомала лаёқатига эга эканлигини кафолатлайди.

1.5. Шартноманинг ажралмас қисмлари: Тақиқланган ва чекланган товарлар қоидалари, Маълумотлар билан ишлаш қоидалари, Email-хабарномалар хизмати шартлари (хизматдан фойдаланилганда), шунингдек панелда эълон қилинган тарифлар, ставкалар ва нархлар. Панелдаги «Қўлланма» ва «Академия» материаллари маълумот учун мўлжалланган; улар шартномага зид келса, шартнома қўлланилади.

1.6. Шартнома ўзбек ва рус тилларида эълон қилинади, иккала матн бир хил кучга эга. Матнлар ўртасида тафовут бўлса, давлат тилидаги (ўзбек тилидаги) матн устун туради.

1.7. Томонлар сотувчи панели, электрон почта ва Telegram орқали электрон ўзаро алоқани тан олади. Сотувчи логин ва пароли (ҳамда икки босқичли кириш коди) билан панелда қилинган ҳаракатлар Сотувчининг ҳаракатлари ҳисобланади. Хабарнома панелда ёки Сотувчининг профилдаги email манзилига юборилган куни олинган ҳисобланади.

1.8. Шартноманинг амалдаги версияси доимо панелда ва сайтда мавжуд; Сотувчи уни сақлаб олиши ва чоп этиши мумкин.

2. Атамалар

2.1. Шартномада қуйидаги атамалар қўлланилади:

АтамаМаъноси
Майдонча (Оператор)… — сайт ва сотувчи панелини тақдим этувчи электрон тижорат оператори.
Сайтpandora.uz ва унинг барча саҳифалари, шу жумладан мобил версияси.
Сотувчи панели (панел)Сайтдаги Сотувчининг шахсий кабинети (/селлер/ бўлими).
СотувчиШартномани қабул қилган ва текширувдан ўтган юридик шахс, ЯТТ ёки ўзини ўзи банд қилган шахс.
ХаридорСайтда маҳсулот буюртма қилган ёки буюртма қилмоқчи бўлган шахс.
ДўконСотувчининг сайтдаги саҳифаси («Дўкон витринаси») ва унинг барча маҳсулот карточкалари.
Маҳсулот карточкасиМаҳсулот номи, тавсифи, суратлари, хусусиятлари, нархи ва қолдиғи кўрсатилган саҳифа.
БуюртмаХаридорнинг бир дўкондан маҳсулот сотиб олиш ҳақидаги сайтда расмийлаштирилган сўрови.
Шахсий ҳисоб (баланс)Панелда Сотувчининг Майдонча хизматлари учун аванс тўловлари ва ечимлари ҳисоби.
ТарифДаврий тўлов эвазига бериладиган хизматлар тўплами («Тарифлар» бўлими).
КомиссияБуюртма суммасидан категория ставкаси бўйича олинадиган Майдонча ҳақи («Комиссиялар» бўлими).
Пуллик хизматларТариф, комиссия, «Тарғибот», «Реклама», «Email-хабарномалар» ва панелда эълон қилинган бошқа хизматлар.
МодерацияМайдонча томонидан Сотувчи, унинг ҳужжатлари ва маҳсулот карточкаларини текшириш.
ХодимСотувчи «Ходимлар» бўлими орқали дўконга кириш ҳуқуқини берган шахс.
ҚонунчиликЎзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари.

2.2. Шартномада таърифланмаган атамалар қонунчиликдаги маъносида, у бўлмаса — одатдаги маъносида тушунилади.

3. Шартнома предмети

3.1. Майдонча Сотувчига сайт ва сотувчи панелига кириш ҳуқуқини беради ва маҳсулот карточкаларини жойлаштириш, дўконни кўрсатиш, буюртмаларни қабул қилиш, тўлов ва етказиб бериш хизматларини улаш воситалари, аналитика ҳамда бошқа ахборот хизматларини кўрсатади. Сотувчи Майдонча хизматлари учун панелда эълон қилинган нархларда ҳақ тўлайди.

3.2. Маҳсулотни олди-сотди шартномаси бевосита Сотувчи ва Харидор ўртасида тузилади. Майдонча бу шартноманинг тарафи эмас.

3.3. Хизматларнинг аниқ таркиби, ҳажми ва нархи Сотувчи танлаган тарифга боғлиқ ва панелда кўрсатилади. Майдонча бепул тариф ҳам таклиф қилиши мумкин.

3.4. Шартнома Томонлар ўртасида шериклик, оддий ширкат, меҳнат, комиссия ёки агентлик муносабатларини вужудга келтирмайди. Майдонча Сотувчи номидан маҳсулот сотмайди (20-бўлимда назарда тутилган soliq агенти вазифаларидан ташқари).

4. Рўйхатдан ўтиш ва Сотувчини текшириш

4.1. Сотувчи бўлиб Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган юридик шахслар (МЧЖ, ХК, ОК, ФХ, АЖ, ҚК ва бошқалар), ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар рўйхатдан ўтиши мумкин. Ўзини ўзи банд қилган шахслар фақат қонунчиликда уларга рухсат этилган фаолият турлари доирасида сотади. Хорижий сотувчилар 20-бўлим бўйича ишлайди.

4.2. Рўйхатдан ўтишда Сотувчи «Ҳамкор профили» бўлимида қуйидагиларни тўлдиради: тўловчи тури; гувоҳномадагидек номи ёки Ф.И.Ш.; СТИР (юридик шахслар ва ЯТТ учун, 9 рақам); ЖШШИР (ПИНФЛ, ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун, 14 рақам); юридик манзил; «Банк реквизитлари» (банк, МФО, 20 хонали ҳисоб рақам); алоқа телефони ва email; масъул шахс.

4.3. Майдонча «Ҳужжатлар» бўлимига қуйидаги ҳужжатларни юклашни талаб қилиши мумкин:

СотувчиҲужжатлар
Юридик шахсДавлат рўйхатидан ўтганлик гувоҳномаси; раҳбарнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжат ёки ишончнома.
ЯТТЯТТ сифатида рўйхатдан ўтганлик гувоҳномаси; шахсни тасдиқловчи ҳужжат.
Ўзини ўзи банд қилган шахсSoliq органида ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтганликни тасдиқловчи маълумот.
Лицензияланадиган фаолиятЛицензия, рухсатнома ёки хабардор қилиш тартибидаги ҳужжат.
Чекланган категорияларТақиқланган ва чекланган товарлар қоидаларида кўрсатилган сертификатлар, давлат рўйхатидан ўтказиш гувоҳномалари ва бошқа ҳужжатлар.

4.4. Маълумотларни тўлдиргач, Сотувчи дўконни текширувга юборади («Дўконни фаоллаштириш»). Майдонча маълумотларни текширади, қўшимча ҳужжатлар сўраши ёки сабабини кўрсатиб фаоллаштиришни рад этиши мумкин. Дўкон фаоллаштирилгандан сўнг маҳсулотлар сайтда кўрсатила бошлайди.

4.5. Сотувчи кўрсатган маълумотлар ва ҳужжатларнинг тўғрилиги, ҳақиқийлиги ва долзарблигини кафолатлайди. Маълумотлар (номи, манзили, реквизитлари, лицензияси, мақоми) ўзгарганда Сотувчи бу ҳақда Майдончага зудлик билан хабар беради.

4.6. Фаоллаштирилгандан кейин юридик маълумотлар ва банк реквизитлари ўзгартиришдан ҳимояланади. Уларни ўзгартириш учун Сотувчи тасдиқловчи ҳужжатлар билан ўзгартириш сўровини юборади; Майдонча уни текшириб қўллайди ёки профилни кўрсатилган санагача таҳрирлаш учун вақтинча очади. Реквизитлар ўзгарганда «Тасдиқланган сотувчи» белгиси қайта кўриб чиқилиши мумкин.

4.7. Майдонча исталган вақтда маълумотларни қайта текшириш ва ҳужжатларни сўраш ҳуқуқига эга. Ҳужжатлар белгиланган муддатда тақдим этилмаса, 13-бўлимдаги чоралар қўлланиши мумкин.

4.8. Аккаунт ва дўкон бошқа шахсга Майдонча розилигисиз ўтказилмайди. Дўконни бошқа шахсга бериш фақат янги Сотувчининг текшируви ва шартномани қабул қилиши орқали амалга оширилади.

4.9. Қонунчилик талабига кўра Харидорларга сайтда Сотувчининг номи (юридик шахс номи, ЯТТ ёки ўзини ўзи банд қилган шахс мақоми билан Ф.И.Ш.) ва алоқа маълумотлари кўрсатилади. Банк реквизитлари Харидорларга кўрсатилмайди.

4.10. «Тасдиқланган сотувчи» белгиси панелда кўрсатилган шартлар (фаолият муддати, буюртмалар сони, қоидабузарликлар йўқлиги) бажарилганда берилади ва улар бузилганда олиб қўйилиши мумкин.

5. Майдонча хизматлари ва унинг мақоми

5.1. Майдонча электрон тижорат оператори (ахборот воситачиси) ҳисобланади: у Сотувчи ва Харидорлар ўртасида битим тузиш учун техник ва ахборот воситаларини тақдим этади.

5.2. Майдонча қуйидагиларни тақдим этади:

  • сайтда дўкон ва маҳсулот карточкаларини жойлаштириш, қидирув ва каталогда кўрсатиш;
  • сотувчи панели: «Маҳсулотлар», «Буюртмалар», «Қайтаришлар», «Харидор шикоятлари», «Шарҳлар ва саволлар», «Сертификатлар», «Омборлар ва етказиб бериш», «Тўловларни қабул қилиш», «Аналитика», «Молия», «Дўкон рейтинги», «Карточкалар сифати», «Ходимлар», «Академия», «Қўлланма» ва «Техник ёрдам» бўлимлари;
  • пуллик хизматлар: «Тарифлар», савдо комиссияси асосидаги хизматлар, «Тарғибот», «Реклама», «Email-хабарномалар», «Майдонча акциялари»да иштирок этиш.

5.3. Майдонча маҳсулотнинг сотувчиси, ишлаб чиқарувчиси, импорт қилувчиси ёки эгаси эмас, олди-сотди шартномасининг тарафи эмас, маҳсулотни сақламайди ва етказмайди (алоҳида шартнома тузилган ҳоллардан ташқари).

5.4. Майдонча Харидорларнинг маҳсулот учун тўлайдиган пулларини қабул қилмайди ва сақламайди: Харидорлар Сотувчининг «Тўловларни қабул қилиш» бўлимида уланган ўз Click ёки Payme ҳисобига ёки қабул қилишда нақд тўлайди. Майдонча фақат ўз хизматлари учун тўловларни қабул қилади.

5.5. Майдонча муайян савдо ҳажми, даромад ёки қидирувдаги ўринни кафолатламайди (пуллик жойлаштириш шартларида аниқ назарда тутилган ҳоллардан ташқари).

5.6. Майдонча сайт ва панелнинг узлуксиз ишлаши учун оқилона чоралар кўради. Режали техник ишлар ҳақида имкон қадар олдиндан хабар берилади.

5.7. Майдонча панел функсияларини янгилаши, қўшиши ёки олиб ташлаши мумкин. Пуллик хизматнинг асосий шартлари тўланган давр мобайнида Сотувчи учун ёмонлаштирилмайди; муҳим ўзгаришлар 22-бўлим тартибида эълон қилинади.

5.8. Тўлов тизимлари (Click, Payme ва бошқалар), етказиб бериш хизматлари (BTS, EMU, UzPost, курьерлар), «Асл белгиси» ва фискал хизматлар учинчи шахслар томонидан Сотувчи билан уларнинг ўз шартномалари асосида кўрсатилади. Майдонча уларнинг иши учун жавоб бермайди, лекин уланишга ёрдам беради.

6. Маҳсулотлар ва карточкалар бўйича Сотувчининг мажбуриятлари

6.1. Сотувчи фақат сотиш ҳуқуқига эга бўлган, Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши қонуний ва Тақиқланган ва чекланган товарлар қоидаларида тақиқланмаган маҳсулотларни сотади. Майдончада алкогол, тамаки, никотинли маҳсулотлар, вайлар ва уларнинг суюқликлари ҳамда рецепт бўйича бериладиган дори воситалари сотилмайди.

6.2. Маҳсулот техник регламентлар, стандартлар, санитария қоидалари талабларига жавоб бериши, хавфсиз бўлиши, яроқлилик муддати тугамаган бўлиши ва қонунчиликда белгиланган тартибда давлат тилида ёрлиқланган бўлиши керак.

6.3. Сотувчи зарур мувофиқлик сертификатлари, давлат рўйхатидан ўтказиш гувоҳномалари, санитария-эпидемиология хулосалари, лицензия ва рухсатномаларга эга бўлиши, уларни Майдонча сўрови бўйича «Сертификатлар» бўлимига юклаши ва муддатида янгилаши шарт. Текширилган ҳужжатлар маҳсулот саҳифасида «Ҳужжатлар текширилган» белгиси билан кўрсатилади.

6.4. Қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда Сотувчи маҳсулотни «Асл белгиси» тизимида маркировка қилади, мобил телефонлар учун эса ИМЕИ кодлари Ўзбекистонда рўйхатдан ўтганлигини таъминлайди. Майдонча ИМЕИ ёки маркировка кодини кўрсатишни талаб қилиши мумкин.

6.5. Маҳсулот карточкаси ҳаққоний ва тўлиқ бўлиши керак: номи, бренди, ишлаб чиқарувчиси, ишлаб чиқарилган мамлакати, таркиби ёки хусусиятлари, ҳақиқий маҳсулот суратлари, яроқлилик муддати (агар бўлса), кафолат муддати. Реклама тўғрисидаги қонунчиликка зид, чалғитувчи ёки исботлаб бўлмайдиган даъволар (масалан, биологик фаол қўшимчаларнинг даволовчи хусусиятлари ҳақида) тақиқланади.

6.6. Нархлар сўмда, барча мажбурий солиқларни ҳисобга олган ҳолда кўрсатилади ва ҳақиқий бўлиши керак. Чизилган «эски нарх» маҳсулот ҳақиқатан сотилган олдинги нарх бўлиши керак. «Майдонча акциялари»га ёзилган маҳсулот нархини акция олдидан ошириш тақиқланади.

6.7. Сотувчи омборлар бўйича қолдиқларни долзарб ҳолатда сақлайди. Маҳсулот йўқлиги сабабли буюртмани бекор қилиш дўкон рейтингига салбий таъсир қилади.

6.8. Сотувчи ҳар бир маҳсулотга тўғри категория, ягона электрон миллий каталог бўйича МХИК коди ва қадоқ кодини кўрсатади. Карточка тўлиқлиги «Карточкалар сифати» бўлимида баҳоланади.

6.9. Янги ва ўзгартирилган карточкалар модерациядан ўтади («Модерация» бўлими). Рад этилган карточка сабаби кўрсатилади; Сотувчи уни тузатиб, қайта юбориши мумкин. Модерациядан ўтиш Сотувчини маҳсулот учун жавобгарликдан озод қилмайди.

6.10. Тақиқланади: карточка дубликатлари; карточка, шарҳ жавоблари ва хабарларда телефон, ҳавола, мессенжер ва бошқа контактларни кўрсатиш; Харидорни Майдончадан ташқарида битим тузишга ундаш; сохта шарҳлар, буюртмалар ва рейтингни сунъий ошириш.

6.11. «Маҳсулотлар импорти», «Маҳсулотларни бошқариш» ва «Нарх қоидалари» каби автоматик воситалар орқали киритилган ўзгаришлар учун Сотувчи қўлда киритилгандек жавоб беради.

7. Буюртмалар, тўловлар, етказиб бериш ва солиқлар

7.1. Сотувчи янги буюртмани панелда кўрсатилган ва етказиб бериш усулига мос муддатларда қайта ишлайди ва жўнатади. Буюртмани бажариш имкони бўлмаса, Сотувчи Харидорга дарҳол хабар беради, буюртмани бекор қилади ва тўланган суммани қайтаради.

7.2. Харидор маҳсулот учун Сотувчига тўғридан-тўғри тўлайди. Сотувчи қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларда электрон тижорат бўйича ҳисоб-китобларни алоҳида банк ҳисоб рақами орқали (ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар — шунингдек электрон ҳамён орқали) амалга оширади ва унинг реквизитларини профилда кўрсатади.

7.3. Сотувчи ҳар бир тўлов учун маҳсулотнинг МХИК коди ва қадоқ коди кўрсатилган фискал чекни (онлайн назорат-касса машинаси ёки виртуал касса орқали) беради. Click ва Payme тўловлари учун панел «Чек созламалари» ва «Тўловлар бўйича фискал чеклар» орқали чек яратишга ёрдам беради; нақд тўловда чекни Сотувчи ўз кассасидан беради. Чек учун жавобгарлик Сотувчида.

7.4. Маркировкаланадиган маҳсулотларни жўнатишдан олдин Сотувчи ҳар бир дона DataMatrix кодини «Буюртмалар» бўлимидаги «Маркировка кодлари» саҳифасида сканерлайди. Кодлар чекка тушади; кодсиз маркировкаланадиган маҳсулотни жўнатиш тақиқланади.

7.5. Етказиб бериш усуллари, ҳудудлари, нархи ва муддатлари «Омборлар ва етказиб бериш» бўлимида Сотувчи томонидан белгиланади. Сотувчи маҳсулотни ўзи ёки етказиб бериш хизматлари орқали етказади ва буюртма ҳолатини ҳамда трек рақамини панелда ўз вақтида янгилайди.

7.6. Буюртма расмийлаштирилишидан олдин Харидорга кўрсатилган етказиб бериш нархи ва муддати ҳақиқий шартларга мос келиши керак. Маҳсулот Харидорга топширилгунга қадар унинг тасодифан нобуд бўлиши хавфи қонунчиликка ва Харидор билан шартномага мувофиқ Сотувчида бўлади.

7.7. Буюртма ҳолатларини ҳақиқатга мос равишда юритиш шарт. Етказилмаган буюртмани «етказилди» деб белгилаш қўпол қоидабузарлик ҳисобланади.

7.8. Бир харид бир нечта дўкон буюртмаларидан иборат бўлиши мумкин; ҳар бир Сотувчи фақат ўз буюртмаси учун жавоб беради.

7.9. Сотувчи ўз савдоси бўйича soliq тўловчи ҳисобланади ва барча soliq ва мажбурий тўловларни мустақил тўлайди, ҳисоб ва ҳисоботни юритади. Майдонча Сотувчининг савдоси бўйича soliq агенти эмас (20-бўлимда назарда тутилган ҳоллардан ташқари).

7.10. Сотувчи Харидордан Майдончадан ташқарида тўлов сўрамайди ва панелда кўрсатилмаган қўшимча тўловларни талаб қилмайди.

8. Қайтариш, кафолат ва Харидор мурожаатлари

8.1. Сотувчи Харидорни маҳсулот ва пулни қайтариш тартиби ва шартлари ҳақида олдиндан хабардор қилади: улар дўкон созламалари ва «Қайтариш ва алмаштириш» саҳифасида кўрсатилади ва қонунчиликдан ёмонроқ бўлиши мумкин эмас.

8.2. Нуқсонли маҳсулот учун Сотувчи Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунга мувофиқ Харидор талабларини (алмаштириш, нархни камайтириш, бепул таъмирлаш ёки пулни қайтариш) қонунда белгиланган муддатларда бажаради.

8.3. Сифатли ноозиқ-овқат маҳсулотларини қонунчиликда белгиланган ҳолларда 10 кун ичида алмаштириш ёки қайтаришни Сотувчи қонунчиликда тасдиқланган қайтарилмайдиган маҳсулотлар рўйхатидаги маҳсулотлардан ташқари таъминлайди. Панелдаги созламалар Харидорнинг қонуний ҳуқуқларини чекламайди.

8.4. «Қайтаришлар» бўлимида Сотувчи янги аризага панелда кўрсатилган муддатда жавоб беради: тасдиқлайди ва қайтариш усулини ёзади ёки сабабини кўрсатиб рад этади. Маҳсулот қайтгач, «Маҳсулот қабул қилинди» деб белгилайди ва панелда кўрсатилган муддатда пулни қайтаради ёки маҳсулотни алмаштиради. Харидор рад этишга қарши чиқса, Майдонча ўз қоидалари доирасида қарор қабул қилади; бу Томонларнинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқини чекламайди.

8.5. Кафолат мажбуриятлари Сотувчида (ёки у билан шартнома бўйича ишлаб чиқарувчида). Кафолат муддати ва сервис марказлари карточкада кўрсатилади.

8.6. «Харидор шикоятлари» бўлимида Сотувчи қалбаки, муддати ўтган, хавфли ёки тавсифга мос келмайдиган маҳсулот ҳақидаги шикоятга панелда кўрсатилган муддатда жавоб беради ва юк хати, сертификат ёки бошқа ҳужжатларни илова қилади. Майдонча текширади ва қарор қабул қилади. Қалбакилик ҳақида Майдонча белгилаган сондаги Харидорлар хабар берса, маҳсулот қароргача автоматик яширилади. Шикоят тасдиқланса, маҳсулот олиб ташланиши, дўкон рейтингидан жарима баллари олиниши ва 13-бўлимдаги чоралар қўлланиши мумкин.

8.7. «Шарҳлар ва саволлар» бўлимида Сотувчи хушмуомала ва аниқ жавоб беради. Сотувчи шарҳларни ўчира ёки ўзгартира олмайди, лекин қоидаларни бузган шарҳ устидан шикоят юбориши мумкин.

8.8. Майдонча Харидор мурожаатини Сотувчига юборса, Сотувчи унга Майдонча кўрсатган муддатда жавоб беради.

8.9. Бекор қилинган буюртмалар ва қайтарилган маҳсулотлар бўйича комиссия 11-бўлимга мувофиқ балансга қайтарилади.

9. Аккаунт, ходимлар ва хавфсизлик

9.1. Сотувчи логин ва паролини сир сақлайди ва аккаунти орқали қилинган барча ҳаракатлар учун жавоб беради.

9.2. «Ходимлар» бўлими орқали Сотувчи ходимларни таклиф қилади ва уларга очиқ бўлимларни белгилайди. Реквизитлар, дўконни фаоллаштириш ва ходимлар бошқаруви фақат дўкон эгасига очиқ. Сотувчи ходимларининг ҳаракатлари учун ўз ҳаракатларидек жавоб беради ва ишдан кетган ходимнинг киришини дарҳол ўчиради.

9.3. Майдонча панелдаги ҳаракатлар журналини юритади. Журнал ёзувлари Томонлар ўртасидаги низоларда далил сифатида фойдаланилиши мумкин.

9.4. Сотувчи ва ходимлар «Икки босқичли кириш»ни (парол ва телефондаги илова коди) ёқиши мумкин ва бу тавсия этилади. Майдонча уни барча ёки айрим фойдаланувчилар учун мажбурий қилиши мумкин. Тиклаш кодларини сақлаш Сотувчининг масъулиятида.

9.5. Рухсациз киришдан шубҳа қилинганда Сотувчи дарҳол паролни ўзгартиради ва «Техник ёрдам» орқали Майдончага хабар беради. Майдонча хавфсизлик учун сеансларни вақтинча тўхтатиши мумкин.

9.6. Аккаунтни бошқаларга бериш, панел воситаларидан ташқари автоматик маълумот йиғиш, бошқа фойдаланувчилар маълумотларига киришга уриниш ва ҳимоя воситаларини четлаб ўтиш тақиқланади.

10. Майдончанинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

10.1. Майдонча сайт ва панелга киришни таъминлайди, «Техник ёрдам» орқали ёрдам кўрсатади, ушбу шартнома, қоидалар ва сиёсатларни очиқ эълон қилади.

10.2. Майдонча Сотувчи ва маҳсулот карточкаларини модерация қилиш, ҳужжатларни сўраш, карточкани рад этиш ёки яшириш ҳуқуқига эга. Майдонча категория ёки техник хусусиятлардаги аниқ хатоларни Сотувчига хабар берган ҳолда тузатиши мумкин; маҳсулот тавсифининг мазмунини Сотувчи ўзгартиради.

10.3. Майдонча лицензияланадиган соҳаларда Сотувчиларнинг лицензия, рухсатнома ва хабарномаларини текширади ҳамда муомаладан чиқарилган ёки чекланган маҳсулотлар сотилишини тўхтатиш чораларини кўради.

10.4. Майдонча рейтинг ва тавсия алгоритмларининг шаффофлигини таъминлайди. Қидирув ва каталогдаги тартибга асосан қуйидагилар таъсир қилади: сўровга мослиги, карточка сифати, мавжудлиги, нархи, етказиб бериш тезлиги ва «Дўкон рейтинги» (харидорлар баҳоси, дўкон айби билан бекор қилишлар, қайта ишлаш тезлиги, буюртмаларни бажариш, саволларга жавоблар, модерация натижалари, қайтаришлар). Кўрсаткичлар ва уларнинг баллари «Дўкон рейтинги» бўлимида кўрсатилади. Пуллик жойлаштириш «Реклама» белгиси билан, тарғибот эса «Хит», «Янги», «Акция» белгилари билан ажратилади.

10.5. Шарҳлар ўзгартирилмаган ҳолда эълон қилинади. Майдонча шарҳ матни ва баҳосини ўзгартирмайди ва шарҳни салбий бўлгани учун ўчирмайди; фақат қоидаларни бузган (ҳақорат, шахсий маълумотлар, контактлар, реклама, маҳсулотга алоқаси йўқ) шарҳлар эълон қилинмайди ёки олиб ташланади.

10.6. Майдонча хизмат кўрсатиш қоидалари ўзгариши ҳақида камида 30 кун олдин, фаолиятини тўхтатиши ҳақида эса камида 30 кун олдин хабар беради.

10.7. Майдонча Шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунга мувофиқ шахсий маълумотларни ҳимоя қилади; маълумотлар базалари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган.

10.8. Майдонча ваколатли давлат органларининг қонуний сўровига биноан қонунчиликда белгиланган маълумотларни бепул тақдим этади.

10.9. Майдонча хизмат хабарномаларини (буюртмалар, тўловлар, хавфсизлик, қоидалар ўзгариши) юборади; Сотувчи улардан воз кеча олмайди.

10.10. Майдонча хизматлар кўрсатиш учун махфийлик мажбуриятини олган пудратчиларни (хостинг, почта, тўлов хизматлари) жалб қилиши мумкин.

10.11. Майдонча «Майдонча акциялари»ни ўтказиши мумкин; уларда иштирок этиш ихтиёрий, шартлар панелда эълон қилинади.

11. Хизматлар нархи ва ҳисоб-китоблар

11.1. Пуллик хизматлар ва уларнинг нархлари панелда эълон қилинади: «Тарифлар», «Комиссиялар» («Ставкалар»), «Тарғибот», «Реклама» ва «Email-хабарномалар». Хизмат буюртма қилинган ёки ечилган пайтдаги нарх қўлланилади. Нархлар сўмда; ҚҚС қонунчиликка мувофиқ панелда кўрсатилгандек ҳисобга олинади.

11.2. Хизматлар шахсий ҳисобдан (балансдан) тўланади. Сотувчи балансни «Балансни тўлдириш» орқали Click ёки Payme билан тўлдиради; энг кам ва энг кўп сумма панелда кўрсатилади. Тўлдириш Майдонча хизматлари учун аванс тўлови ҳисобланади ва тўлов тасдиқлангач балансга тушади.

11.3. Сотувчи Майдончага қуйидаги суммаларни балансдан автоматик ечишга розилик беради: тариф — уланганда ва узайтирилганда; комиссия — буюртма онлайн тўланганда ёки панелда кўрсатилган ҳолатга ўтганда; тарғибот — танланган кунлар учун олдиндан; реклама — ҳар соатда ҳақиқий босишлар учун; email-хабарнома — хабарнома тасдиқланганда ёки юборилганда.

11.4. Тариф ойлик ёки йиллик даврга, товарлар лимити ва автоматик узайтириш билан уланади. Қимматроқ тарифга дарҳол ўтилади ва жорий тарифнинг фойдаланилмаган кунлари балансга қайтарилади; арзонроқ ёки бепул тарифга тўланган давр тугагач ўтилади. Лимитдан ортиқ товарлар сайтдан яширилади.

11.5. Комиссия категория ставкаси бўйича чегирмалар ҳисобга олинган маҳсулотлар нархидан, етказиб беришсиз ҳисобланади. Ставка ечилган пайтда қайд этилади. Буюртма бекор қилинса ёки маҳсулот қайтарилса, тегишли комиссия балансга қайтарилади. Ечимлар ва қайтаришлар «Комиссиялар» → «Ҳисобот»да кўрсатилади.

11.6. «Тарғибот» хизматлари («Хит», «Янги», «Акция» белгилари ва кўтариш) кунлар учун олдиндан тўланади. Муддатидан олдин тўхтатилса, ишлатилмаган тўлиқ кунлар балансга қайтади.

11.7. «Реклама»да кўрсатиш бепул, ҳақ фақат Харидорнинг босиши учун олинади. Роботлар, бир Харидорнинг 24 соат ичидаги такрорий босишлари, Сотувчи ходимларининг босишлари ва шубҳали тез-тез босишлар учун ҳақ олинмайди. Энг кам ставка ва бюджет панелда кўрсатилади.

11.8. «Email-хабарномалар» ҳар бир олувчи учун панелда кўрсатилган нархда тўланади; рад этилган хабарнома ва етказилмаган хатлар учун пул балансга қайтарилади. Батафсил шартлар Email-хабарномалар хизмати шартларида белгиланган.

11.9. Майдонча нархларни ўзгартириши мумкин. Тариф нархи ёки комиссия ставкасининг ошиши ҳақида камида 30 кун олдин хабар берилади; тўланган давр нархи ўзгармайди.

11.10. Баланс манфий бўлиши мумкин (масалан, комиссия балансдаги суммадан кўп ечилганда — «Комиссия бўйича қарз»). Манфий баланс Сотувчининг Майдончага қарзи ҳисобланади; Сотувчи уни балансни тўлдириш орқали зудлик билан ёпади.

11.11. Тарифни узайтириш учун маблағ етмаса, Майдонча белгилаган имтиёзли муддат берилади; унинг тугаш санаси панелда ва хатда кўрсатилади. Муддат тугагунча баланс тўлдирилмаса, Майдонча созламаларига кўра дўкон тўхтатилади (маҳсулотлар ва дўкон саҳифаси яширилади) ёки бепул тарифга ўтказилади ва лимитдан ортиқ маҳсулотлар яширилади. Баланс тўлдирилгач тариф автоматик узайтирилади ва дўкон ёқилади; имтиёзли кунлар бепул эмас — янги давр олдингисининг давоми сифатида ҳисобланади.

11.12. Сотувчи «Кўчирмалар» бўлимида ойлик кўчирмаларни (PDF ёки Excel), «Молия» бўлимида молиявий ҳисоботни ва «Солиштирма далолатнома»ни олади. Майдонча қонунчиликка мувофиқ ҳисоб ҳужжатларини, шу жумладан зарур ҳолларда электрон ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиради.

11.13. Сотувчи ҳисоб-китоблар бўйича эътирозларини «Техник ёрдам» орқали юборади. Майдонча уларни кўриб чиқади ва хато тасдиқланса, уни «Платформа тузатишлари» амали билан тузатади.

12. Баланс: пул ечиш ва қайтариш

12.1. Баланс Сотувчининг Майдонча хизматлари учун авансидир; у омонат ёки электрон пул эмас ва унга фоиз ҳисобланмайди.

12.2. Ишлатилмаган балансни «Пул ечиш» бўлими орқали «Ҳамкор профили»да кўрсатилган Сотувчининг ўз ҳисоб рақамига қайтариш мумкин (учинчи шахслар ҳисобига ўтказилмайди). Энг кам сумма Майдонча томонидан белгиланади ва панелда кўрсатилади. Сумма ариза берилганда балансдан ечилади ва одатда 1–3 иш кунида ўтказилади. Бир вақтда битта ариза кўриб чиқилади; ариза кўриб чиқилмагунча уни бекор қилиш мумкин.

12.3. Ечиш мумкин бўлган сумма — балансдан ҳали ҳисобдан чиқарилмаган реклама босишлари ва тўланиши керак бўлган қарзлар чегирилган сумма.

12.4. Майдонча томонидан бонус, промо ёки рағбатлантириш сифатида ҳисобланган суммалар (баланс тарихида изоҳда «бонус» деб белгиланади) ечиб олинмайди, фақат Майдонча хизматларига сарфланади ва акция шартларида белгиланган муддат тугагач бекор қилиниши мумкин. Пул ечиш сўровини кўриб чиқишда Майдонча сўралган суммани сарфланмаган бонус миқдорига камайтириши мумкин. Хатони тузатиш ёки қайтариш сифатида ҳисобланган суммалар бонус ҳисобланмайди.

12.5. Кўрсатилган хизматлар учун ечилган суммалар қайтарилмайди, қуйидагилардан ташқари (улар балансга қайтарилади):

  • Майдонча хатоси (икки марта ечиш, техник носозлик);
  • ҳақ олинмайдиган реклама босишлари;
  • рад этилган email-хабарномалар ва етказилмаган хатлар;
  • қимматроқ тарифга ўтишда фойдаланилмаган кунлар ва муддатидан олдин тўхтатилган тарғиботнинг тўлиқ кунлари;
  • бекор қилинган буюртмалар ва қайтарилган маҳсулотлар бўйича комиссия.

12.6. Хато билан қилинган тўлдириш тўлов тизими қоидаларига кўра бекор қилиниши мумкин; бошқа ҳолларда пул «Пул ечиш» орқали қайтарилади.

12.7. Майдонча пул ечиш аризасини сабабини кўрсатиб рад этиши мумкин (масалан, реквизитлар мос келмаса ёки 13.6-бандда назарда тутилган ҳол юзага келса); бунда сумма балансга қайтади.

13. Дўконни тўхтатиш ва блоклаш

13.1. Майдонча қуйидаги чораларни қўллаши мумкин: огоҳлантириш; карточкани рад этиш ёки яшириш; функсияларни чеклаш (янги маҳсулот қўшиш, реклама, акциялар); дўконни вақтинча тўхтатиш (маҳсулотлар сайтда яширилади); блоклаш (шартномани бир томонлама бекор қилиш).

13.2. Чоралар қўллаш асослари:

  • шартнома, Тақиқланган ва чекланган товарлар қоидалари ёки Маълумотлар билан ишлаш қоидаларини бузиш;
  • қалбаки, сохта, тақиқланган ёки муомаладан чиқарилган маҳсулотларни сотиш;
  • тўланган буюртмаларни етказмаслик, тизимли бекор қилишлар, тавсифга мос келмайдиган маҳсулотларни жўнатиш;
  • шикоятлар Майдонча белгилаган чегарага етиши ёки тасдиқланган шикоятларнинг такрорланиши;
  • тарифнинг тўланмаганлиги ёки баланснинг манфийлиги (11.11-банд);
  • суд қарори ёки ваколатли органнинг қонуний талаби;
  • ёлғон ёки сохта маълумот ва ҳужжатлар, муддати ўтган лицензия ёки сертификат;
  • қайтариш ва шикоятларга белгиланган муддатларда жавоб бермаслик;
  • шарҳ ва рейтингни манипуляция қилиш, Харидорларни Майдончадан ташқарига олиб чиқиш;
  • аккаунт хавфсизлигига таҳдид ёки рухсациз кириш.

13.3. Имкон бўлган ҳолларда Майдонча чоралардан олдин панел ва email орқали қоидабузарлик сабаби ва уни тузатиш муддатини кўрсатган ҳолда хабар беради. Сотувчи «Техник ёрдам» орқали тушунтириш ва ҳужжатлар тақдим этиши мумкин; Майдонча уларни кўриб чиқиб, қарор ҳақида хабар беради.

13.4. Жиддий ҳолларда — ҳаёт ва соғлиқ учун хавф, қалбаки ёки тақиқланган маҳсулот далиллари, фирибгарлик, шахсий маълумотларнинг сизиб чиқиши, аккаунт бузилиши, суд ёки ваколатли орган талаби — чоралар олдиндан хабарномасиз дарҳол қўлланади; хабарнома сабаби билан кейин юборилади.

13.5. Дўкон тўхтатилганда ёки блокланганда Сотувчи аллақачон қабул қилинган ва тўланган буюртмаларни бажаради ёки пулни тўлиқ қайтариб бекор қилади. Қайтариш ва кафолат мажбуриятлари сақланади; бунинг учун панелнинг тегишли бўлимларига кириш имкон қадар сақланади.

13.6. Тўхтатиш вақтида баланс Сотувчиники бўлиб қолади. Агар тўхтатиш қоидабузарлик билан боғлиқ бўлса ва Харидорларнинг ҳужжатлаштирилган талаблари ёки Сотувчи айби билан Майдончага қўлланган жарималар мавжуд бўлса, Майдонча уларга тенг суммани ҳал бўлгунча ушлаб туриши мумкин; қолган сумма 12-бўлим бўйича ечиб олинади. Қоидабузарлик учун тўхтатилган даврда тариф муддати узайтирилмайди.

13.7. Қоидабузарлик тузатилгач, чоралар Майдонча қарори билан бекор қилинади; тўланмаган тариф учун тўхтатиш баланс тўлдирилгач автоматик бекор бўлади.

13.8. Блоклаш шартноманинг Майдонча томонидан бир томонлама бекор қилинишини англатади; Сотувчига сабаби кўрсатилган хабарнома юборилади. Блокланган Сотувчи фақат Майдонча розилиги билан қайта рўйхатдан ўтиши мумкин.

13.9. Майдонча ушбу бўлимга мувофиқ қонуний қўлланган чоралар натижасида Сотувчига етган зарарлар учун жавоб бермайди.

14. Жавобгарлик

14.1. Томонлар мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун қонунчилик ва шартномага мувофиқ жавоб беради.

14.2. Харидор олдида маҳсулот, унинг сифати, хавфсизлиги, ҳақиқийлиги, тавсифнинг тўғрилиги, етказиб бериш, қайтариш, кафолат, чек, маркировка, лицензиялар ва солиқлар учун асосий жавобгарлик Сотувчида.

14.3. Электрон тижорат тўғрисидаги қонунда назарда тутилган ҳолларда, агар Сотувчи Харидорнинг қонуний талабларини бажара олмаса, Майдонча Харидор олдида субсидиар жавобгар бўлади.

14.4. Майдонча Харидорга тўлов қилган ёки унинг талабини бошқача қаноатлантирган бўлса, у Сотувчига регресс (қайтарма) талаби ҳуқуқига эга. Сотувчи тўланган суммани ва Майдончанинг харажатларини (шу жумладан суд харажатларини) талабномада кўрсатилган муддатда қоплайди. Сотувчи Майдончага бу суммани балансдан ечишга розилик беради; етмаган қисми қонунчиликка мувофиқ ундирилади.

14.5. Сотувчи Майдончага унинг маҳсулотлари, контенти ёки ҳаракатлари сабабли Майдончага қўлланган жарима, молиявий санксиялар ва учинчи шахсларнинг (Харидорлар, ҳуқуқ эгалари, давлат органлари) талаблари бўйича барча суммалар ва харажатларни қоплайди ҳамда Майдонча сўрови бўйича бундай низоларда иштирок этади.

14.6. Майдонча қуйидагилар учун жавоб бермайди: Сотувчи ва Харидор ўртасидаги олди-сотди шартномасининг бажарилиши; маҳсулотлар ва уларнинг тавсифи; учинчи шахслар хизматлари (тўлов тизимлари, етказиб бериш хизматлари, алоқа операторлари); Сотувчи киритган маълумотларнинг тўғрилиги; бой берилган фойда ва билвосита зарарлар.

14.7. Майдончанинг жавобгарлиги унинг айби билан етказилган ҳақиқий зарар билан чекланади ва зарар етказилган хизмат учун Сотувчи тўлаган суммадан ошмайди. Бу чеклов қасддан ёки қўпол эҳтиёцизлик билан етказилган зарарга ва қонунчиликда чеклаш тақиқланган ҳолларга нисбатан қўлланмайди.

14.8. Майдонча айби билан пуллик хизмат кўрсатилмаган бўлса (масалан, сайт узоқ вақт ишламаганда), Майдонча тегишли давр учун суммани балансга қайтаради ёки хизмат муддатини узайтиради.

15. Форс-мажор

15.1. Томонлар форс-мажор ҳолатлари — табиий офатлар, ҳарбий ҳаракатлар, оммавий тартибсизликлар, давлат органларининг ҳужжатлари, кенг кўламли электр, алоқа ёки интернет узилишлари, томонлар назорат қила олмайдиган киберҳужумлар натижасида мажбуриятларни бажармаганлик учун жавобгарликдан озод қилинади.

15.2. Форс-мажорга дуч келган Томон иккинчи Томонга имкон қадар тезроқ хабар беради. Мажбуриятларни бажариш муддати бундай ҳолатлар давомийлигига узайтирилади.

15.3. Форс-мажор бир ойдан ортиқ давом этса, ҳар бир Томон шартномани бекор қилиши мумкин; бу Сотувчини Харидорлар олдидаги мажбуриятлардан озод қилмайди.

16. Интеллектуал мулк ва контент лицензияси

16.1. Сотувчи жойлаштирган контентга (суратлар, видеолар, матнлар, товар белгилари ва бренд номлари) ҳуқуқлари борлигини ва маҳсулотлар ҳамда контент учинчи шахсларнинг интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузмаслигини кафолатлайди.

16.2. Сотувчи Майдончага шартнома амал қиладиган муддатга бепул ноексклюзив лицензия беради: контентни сайтда, мобил иловаларда, қидирувда, каталог экспортларида, қидирув тизимлари ва нарх агрегаторлари учун фидларда, Майдончанинг реклама ва маркетинг материалларида (шу жумладан ижтимоий тармоқларда) такрорлаш, кўрсатиш ва тарқатиш; сурат ўлчамини, форматини ўзгартириш ва кесиш; матнни лотин ва кирилл ёзувига ўгириш ва таржима қилиш. Майдонча бу ҳуқуқларни фақат шу мақсадлар учун пудратчиларига бериши мумкин.

16.3. Контент олиб ташланган ёки шартнома бекор қилингандан сўнг Майдонча ундан фойдаланишни оқилона муддатда тўхтатади. Бундан буюртмалар тарихи, шарҳлар, архив нусхалари ва аввал тарқатилган материаллар мустасно.

16.4. Маҳсулот умумий карточкага таклиф сифатида қўшилган ҳолларда Сотувчи тақдим этган карточка маълумотлари умумий каталогда бошқа сотувчиларнинг таклифлари учун ҳам қолиши мумкин.

16.5. Сайт, панел, дастурий таъминот, дизайн, маълумотлар базалари ва Майдонча белгилари Майдончага тегишли; уларга ҳуқуқлар Сотувчига ўтмайди. Сотувчи Майдонча номидан фақат дўкони Майдончада ишлаётганини кўрсатиш учун фойдаланиши мумкин.

16.6. Майдонча ҳуқуқ эгаларининг шикоятларини кўриб чиқади ва ҳуқуқбузарлик эҳтимоли бўлган контент ёки маҳсулотни яшириши мумкин. Сотувчи ўз ҳуқуқларини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши мумкин.

17. Махфийлик

17.1. Махфий маълумот — Томонлар шартнома бажарилиши давомида олган ва очиқ бўлмаган маълумотлар: ички статистика, алоҳида келишилган шартлар, хавфсизлик маълумотлари, ҳужжатлар.

17.2. Томонлар махфий маълумотни очиқламайди, қуйидаги ҳоллардан ташқари: қонунчилик талаби ва ваколатли органларнинг қонуний сўровлари; 19-бўлим; махфийлик мажбуриятини олган маслаҳатчилар ва пудратчиларга шартномани бажариш учун зарур ҳажмда.

17.3. Қонунчилик талаби билан Харидорларга кўрсатиладиган Сотувчи маълумотлари ва очиқ маълумотлар махфий ҳисобланмайди.

17.4. Махфийлик мажбурияти шартнома бекор қилингандан кейин ҳам амал қилади.

18. Маълумотлар

18.1. Томонлар шахсий маълумотларни Шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунга мувофиқ фақат белгиланган мақсадларда ва қонуний асосда қайта ишлайди. Батафсил қоидалар алоҳида ҳужжат — Маълумотлар билан ишлаш қоидаларида белгиланган; у шартноманинг ажралмас қисмидир.

18.2. Сотувчи Харидорнинг исми, телефони (Майдонча созламалари бўйича яширилиши мумкин), етказиб бериш манзили ва изоҳини фақат буюртмани бажариш учун кўради: етказиб бериш, шу буюртма бўйича боғланиш, қайтариш ва кафолат. Харидорнинг email манзили яширин; қайтариш ва шикоят аризаларида Харидор исми ва контактлари кўрсатилмайди.

18.3. Харидор маълумотларини ўз маркетинги, реклама SMS, қўнғироқ ва хатлари учун ишлатиш, базаларга қўшиш, сотиш ёки учинчи шахсларга бериш (шу буюртмани етказаётган курьер хизматидан ташқари) тақиқланади. Харидорларга реклама фақат «Email-хабарномалар» хизмати орқали юборилади: хатларни Майдонча розилик берган Харидорларга юборади, Сотувчи манзилларни олмайди.

18.4. Сотувчи Харидор маълумотларини буюртма ёпилгунга ва қонунчиликда белгиланган сақлаш муддати тугагунига қадар сақлайди, сўнг йўқ қилади; уларнинг хавфсизлигини таъминлайди; киришни фақат зарур ходимларга беради; маълумотлар сизиб чиққанда 24 соат ичида Майдончага хабар беради.

18.5. Сотувчининг СТИР, ЖШШИР ва реквизитлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган маълумотлар базасида сақланади, уларга фақат ваколатли ходимлар киради ва улар текширув, ҳисоб-китоблар, soliq ва бухгалтерия ҳисоби ҳамда 19-бўлим мақсадларида ишлатилади.

18.6. Шахсий маълумотларга оид қонунчиликни бузганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 46²-моддаси ва Жиноят кодексининг 141²-моддасида жавобгарлик назарда тутилган; Майдонча бундан ташқари 13-бўлимдаги чораларни қўллайди.

19. Сотувчи маълумотларини ошкор қилиш

19.1. Агар Сотувчи тўланган буюртмани етказмаса, тавсифга мос келмайдиган маҳсулот жўнатса ёки қалбаки (сохта) маҳсулот жўнатса ва Майдонча хабарномасидан кейин 3 кун ичида қоидабузарликни тузатмаса (маҳсулотни етказмаса, алмаштирмаса ёки пулни қайтармаса), Майдонча Сотувчининг идентификация маълумотларини ошкор қилиши мумкин.

19.2. Ошкор қилинадиган маълумотлар: юридик шахс номи ёки ЯТТ (ўзини ўзи банд қилган шахс) Ф.И.Ш.; СТИР ёки ЖШШИР; юридик манзил; алоқа телефони ва email; дўкон номи; буюртма маълумотлари (рақами, санаси, таркиби, суммаси, тўлов ва етказиб бериш ҳолати).

19.3. Маълумотлар қуйидагиларга берилиши мумкин: жабрланган Харидорга — даъво ёки талабнома бериш учун; ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш органлари, soliq органлари ва бошқа ваколатли давлат органларига.

19.4. Хабарнома панел ва email орқали юборилади; унда қоидабузарлик ва 3 кунлик муддат кўрсатилади. Муддат хабарнома юборилган кундан ҳисобланади. Сотувчи шу муддатда қоидабузарлик йўқлигини тасдиқловчи далилларни (масалан, топширилганлик ҳужжати) тақдим этиши мумкин; Майдонча уларни ошкор қилишдан олдин кўриб чиқади.

19.5. Суд ёки ваколатли органнинг қонуний сўрови бўйича Майдонча маълумотларни муддат кутмасдан, сўров ҳажмида ошкор қилади.

19.6. Пароллар, кириш маълумотлари, икки босқичли кириш калитлари, тиклаш кодлари ва тўлов тизимлари калитлари ҳеч қачон ошкор қилинмайди. Банк реквизитлари Харидорларга берилмайди.

19.7. Офертани қабул қилиб, Сотувчи ушбу бўлимда назарда тутилган маълумотларни беришга розилик билдиради. Майдонча ошкор қилинганлиги ҳақида Сотувчига хабар беради, агар ваколатли орган буни тақиқламаган бўлса.

19.8. Ошкор қилиш Сотувчини Харидор олдидаги мажбуриятлардан озод қилмайди ва 13–14-бўлимлардаги чораларни истисно этмайди.

20. Хорижий сотувчилар

20.1. Хорижий сотувчилар Ўзбекистон резидентларига Майдонча бу имкониятни очган ҳолларда ва рўйхатдан ўтганлик ҳужжатлари, soliq рақами ва контактлари текширилгандан сўнг сотиши мумкин.

20.2. Хорижий сотувчининг Майдонча орқали Ўзбекистон резидентларига сотган маҳсулотлари қонунчиликка мувофиқ ҚҚСга тортилади. Қонунчиликда Майдонча soliq агенти сифатида белгиланган ҳолларда у ҚҚСни ҳисоблайди ва ушлаб қолади; уни ушлаб қолиш тартиби (шу жумладан балансдан ечиш) панелда ва хорижий сотувчи билан қўшимча келишувда белгиланади.

20.3. Қонунчиликка кўра Ўзбекистон резидентларига тўғридан-тўғри (Майдончадан ташқари) сотадиган хорижий компания 30 календар кун ичида soliq ҳисобига туриши керак; бу мажбурият Сотувчининг ўзида.

20.4. Хорижий сотувчи маҳсулот карточкасида қуйидагиларни кўрсатади: маҳсулот чет элдан жўнатилиши; етказиб бериш муддати; кузатиш (трек) имконияти; чегаралараро буюртмалар учун қайтариш шартлари; Харидор шахсий фойдаланиш учун импорт қилувчи ҳисобланиши ва меъёрдан ортиқ божхона тўловларини тўлаши (карточкада бож нархга киритилган деб кўрсатилган ҳоллардан ташқари).

20.5. Харидорларга маълумот учун: халқаро курьер жўнатмалари учун божсиз меъёр бир жисмоний шахсга ойига 200 АҚШ доллари, почта жўнатмалари учун — 100 АҚШ доллари. Меъёрдан ошган қисмнинг божхона қийматидан ягона божхона тўлови 30 фоиз, лекин 1 кг учун камида 3 АҚШ доллари; 2027-йил 1-январдан — 20 фоиз, лекин 1 кг учун камида 2 АҚШ доллари. Меъёрлар ўзгариши мумкин, шунинг учун Харидор амалдаги божхона қоидаларини текшириши керак.

20.6. Жисмоний шахсларнинг шахсий фойдаланиш учун олиб кириши чекланган маҳсулотлар (биологик фаол қўшимчалар, дори воситалари ва тиббий буюмлар — миқдор ва вазн чекловлари билан) қонунчиликдаги меъёрлар доирасида сотилади. Жисмоний шахслар олиб кириши тақиқланган маҳсулотлар (гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар, экстремистик ва порнографик материаллар, портатив лазерлар, портловчи моддалар, учувчисиз учиш аппаратлари ва бошқалар) чегаралараро сотилмайди.

20.7. Хорижий сотувчи Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қонунчилигига, импорт учун зарур бўлган ёрлиқлаш ва сертификатлаш талабларига риоя қилади, нархларни сўмда кўрсатади ва Харидор мурожаатлари учун ўзбек ёки рус тилида алоқа каналини таъминлайди.

21. Шартнома муддати ва бекор қилиниши

21.1. Шартнома аксепт қилинган пайтдан кучга киради ва номуайян муддатга тузилади.

21.2. Сотувчи исталган вақтда «Техник ёрдам» орқали дўконни ёпиш ҳақида ариза бериб, шартномани бекор қилиши мумкин. Дўкон очиқ буюртмалар бажарилган ёки бекор қилинган, қайтаришлар ҳал қилинган ва Майдончага қарзлар тўлангандан сўнг ёпилади.

21.3. Майдонча шартномани 13-бўлим бўйича блоклаш орқали ёки сабабсиз — камида 30 кун олдин хабар бериб, бекор қилиши мумкин.

21.4. Шартнома бекор қилинганда маҳсулотлар ва дўкон саҳифаси сайтдан яширилади. Сотувчи ўз хоҳиши билан ёпганда тўланган тариф даври қайтарилмайди; Майдонча шартномани Сотувчи айбисиз бекор қилганда фойдаланилмаган кунлар балансга қайтарилади.

21.5. Баланс қолдиғи (қарзлар ва 13.6-бандда ушлаб турилган суммалар чегирилган ҳолда) «Пул ечиш» орқали ёки «Техник ёрдам»га ариза бўйича Сотувчининг ҳисоб рақамига қайтарилади; дўкон ёпилганда энг кам ечиш суммаси қўлланмайди. Бонус суммалар (12.4-банд) қайтарилмайди.

21.6. Шартнома бекор қилингач, Сотувчининг Харидор маълумотларига кириши тугайди. Майдонча Сотувчи маълумотлари, буюртмалар ва молиявий ёзувларни soliq ва бухгалтерия қонунчилигида белгиланган муддатларда ва даъво муддати давомида сақлайди, сўнг йўқ қилади ёки анонимлаштиради. Эълон қилинган шарҳлар сайтда қолиши мумкин.

21.7. Буюртмалар, қайтариш, кафолат, жавобгарлик, регресс, махфийлик ва архив контент лицензияси бўйича мажбуриятлар шартнома бекор қилингандан кейин ҳам амал қилади.

22. Шартномага ўзгартиришлар, низолар ва алоқа

22.1. Майдонча шартномани ва унинг ажралмас қисмларини ўзгартириши мумкин. Янги версия панелда эълон қилинади ва у кучга киришидан камида 30 кун олдин Сотувчига email орқали хабар берилади. Қонунчилик талаби билан киритиладиган ўзгаришлар қонунчиликда белгиланган муддатда кучга киради.

22.2. Сотувчи янги версияни панелда «Қабул қиламан» тугмасини босиб 14 кун ичида қабул қилади. Унгача панелда эслатма кўрсатилади; бу муддат тугагач панел фақат янги версия қабул қилингандан кейин очилади.

22.3. Сотувчи ўзгаришларга рози бўлмаса, Майдончадан фойдаланишни тўхтатиши ва 21-бўлим бўйича дўконни ёпиши мумкин. Ўзгаришлар улар кучга киргунга қадар юзага келган мажбуриятларга таъсир қилмайди.

22.4. Шартномага Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги қўлланилади.

22.5. Низолар музокаралар йўли билан ҳал қилинади. Сотувчи талабномани … манзилига ёки «Техник ёрдам» орқали юборади; Майдонча унга қонунчиликда белгиланган муддатда жавоб беради. Келишувга эришилмаса, низо қонунчиликка мувофиқ ваколатли судда кўриб чиқилади.

22.6. Шартноманинг бирор банди ҳақиқий эмас деб топилиши қолган бандларнинг ҳақиқийлигига таъсир қилмайди.

22.7. Оператор реквизитлари:

МаълумотҚиймати
Номи…
СТИР…
Манзили…
Email…
Сайтpandora.uz